Яқинда пойтахт божхоначилари томонидан божхона расмийлаштируви ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати.
Жумладан, «Келес» темирйўл божхона пости ходимлари томонидан Москва — Тошкент йўналишидаги поезд йўловчиларидан бирининг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, у божхона декларациясида ва оғзаки сўров пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 8,5 миллион сўмдан ортиқ 732 дона парфюмерия ва косметика маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб ўтишга урингани фош қилинди.
Олма-ота — Нукус йўналишидаги поездда кириб келган қўшни давлат фуқароси эса қиймати салкам 3 миллион сўмлик 67 килограмм турли хилдаги денгиз маҳсулотларини йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилишни «унутиб» қўйибди.
«Арқбулоқ» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан бир тадбиркор номига хориждан юборилган юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, юклар орасида йўл кузатув ҳужжатлари ҳамда божхона юк декларациясида қайд қилинмаган қиймати салкам 18,5 миллион сўмлик 2310 дона соқол олишга мўлжалланган гел товарларини ноқонуний равишда олиб киришга уринилгани фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)