25 декабрь куни Ўзбекистон U-16 ўсмир қизлар терма жамоаси ОЧ саралаш иккинчи учрашувида Баҳрайн U-16 қизлар терма жамоасини йирик 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий сайтида хабар берилди.
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳри мезбонлик қилган U-16 ўсмир қизлар ўртасидаги Осиё Чемпионати саралашининг “A” гуруҳи ўйинлари якунига етди. Иккинчи учрашувда ҳам Баҳром Норсафаров бош мураббийлигидаги ўзбекистонлик ўсмир қизлар йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Аввалроқ, 22 декабрь куни ўтказилган илк ўйинда Ўзбекистон U-16 ўсмирлари Баҳрайн устидан йирик 17:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Иккинчи учрашувда эса Ўзбекистон ўсмир қизлари Баҳрайнни 5:0 ҳисобида рақибини мағлубиятга учратди.
Таъкидлаш лозим, ушбу саралаш гуруҳидан фақатгина Баҳрайн ва Ўзбекистон ўсмир қизлар терма жамоалари ўрин олгани боис иккала терма жамоа ўзаро икки маротаба майдонга тушиши талаб этиларди. Шу тариқа, ҳар икки ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонган Ўзбекистон U-16 ўсмир қизлари гуруҳ ғолиби сифатида келаси йилнинг август ойида Хитойда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Чемпионатига йўлланма олди.
Изоҳ (0)