Украина соғлиқни сақлаш вазирлигининг Болалар кардиологияси ва кардиожарроҳлиги бўйича илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Соғлом авлод учун» жамғармасининг ўзаро келишуви асосида, юрагида туғма нуқсонларга эга беш нафар ўзбекистонлик бемор бола Украинада бепул жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлигига таяниб, «Kun.uz» хабар беради.
Қайд этилишича, келишувни имзолаган томонларнинг ҳар бири бемор болаларнинг соғайиб кетишига ўз ҳиссасини қўшган. Жумладан, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги беморларни Тошкент педиатрия тиббиёт институти базасида дастлабки текширувлардан ўтказган. «Соғлом авлод» фонди бемор болаларни Украинага олиб борувчилар (ота-оналари, яқинлари) билан боғлиқ масалалар, уларни Тошкент—Киев—Тошкент йўналиши бўйича йўл чипталари билан таъминлаш каби масалаларни ҳал қилган. Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси болалар кардиологияси бўйича Украинадаги тиббиёт марказлари билан келишув асосидаги барча харажатлар ва бошқа ташкилий масалалар билан шуғулланган.
Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бўлган бемор болалар жиддий операциядан сўнг, Ўзбекистонга соғлом ва хурсанд ҳолда қайтди. Айни пайтда улар Тошкент педиатрия тиббиёт институти ходимлари назоратида парваришланмоқда.
Изоҳ (0)