20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Россия Федерациясининг Федерация Кенгаши делегацияси қабул қилинди. Делегацияга Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Илёс Умаханов раҳбарлик қилди, деб хабар берилди Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида.
Делегацияни қўмита раиси О. Юсупов қабул қилди. Учрашув давомида О. Юсупов меҳмонларга истиқлол йилларида Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўлида қилинаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон аҳолисининг Ҳаж ва Умра, христиан ўзбекистонликларнинг эса Исроил, Россия, Грециядаги қадамжоларга қилаётган сафарларида турли мутасадди ташкилотларнинг уйғун ҳолатда хизмат кўрсатиши, Ўзбекистонда қайта таъмирланаётган ёки янгидан барпо этилаётган масжидларнинг қад кўтараётгани ва бошқа шу каби хайрли ишлар бевосита Ўзбекистон ҳукумати амалий кўмаги билан амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида меҳмон ҳам Ўзбекистоннинг диний соҳадаги тажрибаси дунё ҳамжамияти қаторида Россияда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлар ва динлараро тотувлик масалаларига ҳукумат томонидан юқори даражада қаратилаётган эътибор алоҳида аҳамият касб этишини эътироф этди.
Шунингдек, I. Умаханов бугунги дунёнинг қатор мамлакатларида динни ниқоб қилиб олган турли экцремистик ва террористик кучлар ўзларининг қабиҳ мақсадларида уюштираётган қўпорувчиликлар тўғрисида тўхталар экан, бу каби мудҳиш ва вайронакор кучга қарши курашда дунё ҳамжамияти бирдек ҳаракат қилиши даркорлигини таъкидлади. Айнан шу йўналишда Ўзбекистоннинг тажрибаси катта аҳамият касб этишини айтиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик соҳаси бошқа давлатларга тўлақонли намуна бўла олиши ҳам таъкидланди.
Суҳбат охирида О. Юсупов кузатувчилар ишига муваффақиятлар тилади.
Икки томонлама учрашув дўстона руҳда ўтди.
Изоҳ (0)