22 декабрь куни Нахабино аҳоли пунктида 9 ёшли қизчани гаровга олган Ўзбекистон фуқароси Рустам Одилов суд қарори билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Москва вилояти Тергов қўмитаси бош бошқармаси матбуот хизматига иқтибос қилган ҳолда «Интерфакс» агентлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
«Одилов ўз айбини бўйнига олди ва қилган жиноятидан афсусланмоқда. Яқин кунларда унга айблов эълон қилинади», − деб ахборот берди тергов қўмитаси вакили. Сўроқ пайтида айбланувчи бу жиноятни товламачилик мақсадида содир этганлигини маълум қилган.
Ҳозирда Одилов шифохонада полиция ходимлари назоратида сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни асли тошкентлик Ўзбекистон фуқароси Рустам Одилов пистолет билан қуролланган ҳолда Нахабинода жойлашган хонадонлардан бирига бостириб кирган. Жиноятчи унга эшик очган аёлни ичкарига итариб, ундан пул талаб қилган.
Бироқ бироз ўтиб, аёл қочиб кетишга муваффақ бўлган. Шундан кейин, Одилов бекинишга ҳаракат қилган, бироқ кўчада турган полиция ходимларини кўриб, аёлнинг 9 ёшли невара қизини гаровга олган. Жиноятчини қўлга олиш бўйича хавфсизлик идоралари томонидан уюштирилган тадбир вақтида жиноятчи қаршилик кўрсатиб, оёғи ва қўлидан жароҳат олган эди.
Изоҳ (0)