Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироққа қарши кечадиган ўртоқлик ўйинига тайёргарликни давом эттирмоқда, деб хабар беради «Uff.uz».
Бугун, 25 декабрь куни бўладиган учрашувда терма жамоа дарвозабони Игнатий Нестеров, ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев ва ярим ҳимоячилар Одил Аҳмедов ҳамда Сервер Жепаров майдонга тушмайди. Терма жамоа мураббийлар штабидан хабар қилинишича, бу футболчилар машғулотларни якка тартибда ўтамоқда.
Маълум қилинишича, Сервер Жепаров терма жамоа йиғинига кичик жароҳат билан етиб келган. Шу сабабли у тикланиш машқларини ўтамоқда. Шунингдек, Одил Аҳмедов жароҳатини тиклаш билан банд. Ислом Тўхтахўжаев дисквалификация туфайли бугунги ўйинни ўтказиб юборса, Игнатий Нестеров ротация туфайли Ироққа қарши кечадиган учрашувда иштирок этмайди. Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов бу ўйинда Элдор Суюнов ва Акбар Тўраевни синовдан ўтказишни мақсад қилган.
Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаров 28 декабрда Ироққа қарши кечадиган ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши режалаштирилган. Футболчилар шунга тайёргарлик кўрмоқда.
Изоҳ (0)