Россия тергов қўмитаси ўз расмий сайтида ўз ҳарбий қисмидан ихтиёрий равишда чиқиб Россия Федерацияси ҳудудига ўтгани айтилган украиналик ҳарбий хизматчининг кўрсатмаларини эълон қилди.
Хабарда айтилишича, «гувоҳнинг кўрсатмаларидан МҲ-17 рейси билан учаётган Boeing-777 фуқаро самолёти жорий йилнинг 17 июль куни Украина ҳарбий ҳаво кучлари капитани Волошин бошқарувидаги Су-25 жанговар самолётидан уриб туширилган бўлиши мумкин».
Гувоҳ ўзи ишлаган Днепропетровск аэропортида Су-25 самолётига ўша куни Р-60 туридаги «ҳаво-ҳаво» ракеталари ортилгани, самолёт қайтиб келганда эса ракеталар бортда бўлмаганини кўрганини маълум қилган. Шунингдек, у учувчи Волошиннинг «самолёт керак бўлмаган вақтда керак бўлмаган жойга келиб қолгани»ни айтганини қайд этган.
Россия тергов қўмитаси ушбу кўрсатмалар бу борадаги ягона эмас, балки бир неча далиллардан бири эканлигини таъкидлаган. Гувоҳга давлат ҳимояси тақдим қилиниши мумкинлиги ҳам айтилган. Шунингдек, халқаро комиссияда эҳтиёж бўлса тегишли материаллар берилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Изоҳ (0)