Ўзбекистон U-16 ўсмир қизлар терма жамоаси Осиё Чемпионати саралаш биринчи учрашувида Баҳрайн U-16 қизлар терма жамоасини йирик 17:0 ҳисобида мағлубиятга учратди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида U-16 ўсмир қизлар ўртасидаги Осиё Чемпионати саралаши “A” гуруҳидан ўрин олган дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Баҳром Норсафаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-16 қизлар терма жамоаси саралаш мезбони − Баҳрайн U-16 терма жамоасига қарши майдонга тушишди. Учрашувда катта устунликка эга бўлган ўзбекистонлик ўсмир қизлар якунда рақиблари дарвозасини жавобсиз 17 маротаба ишғол этишди ва йирик ғалабани нишонлашди.
Маълумот учун, саралашнинг “A” гуруҳида бошқа терма жамоалар иштирок этмаётгани боис, Ўзбекистон ва Баҳрайн ўсмир қизлари 25 декабрь куни ўзаро иккинчи учрашувда майдонга тушадилар. Гуруҳ ғолиби эса келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-16 ўсмир қизлар ўртасидаги Осиё Чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.
U-16 ўсмир қизлар ўртасида ОЧ саралаш.
“A” гуруҳи. Манама, Баҳрайн.
22 декабрь. Дастлабки учрашув.
Баҳрайн U-16 − Ўзбекистон U-16 - 0:17.
Изоҳ (0)