Кеча, 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов халқаро ва хорижий кузатувчилар, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказиладиган матбуот анжуманидаги маърузасида.
Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 17 нафар, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 21 нафар депутат сайланди.
Қонунчиликка кўра, овоз бериш натижаларини аниқлашда округ миқёсида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпини овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган ҳисобланди.
Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу ҳолда такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланади.
Изоҳ (0)