Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августда қабул қилинган «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Балиқчилик йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган хўжаликлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Мавжуд сув ресурсларидан унумли фойдаланилиб, табиий ва сунъий ҳавзалар барпо этилди. Ҳовузларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
Вилоятда 2014 йилнинг тўққиз ойида 188 балиқчилик хўжаликлари томонидан аҳолига 1242 тонна парҳез маҳсулот етказиб берилди.
«Хўжалигимизда балиқ етиштириш ҳажми йилдан йилга ошмоқда, — деди Улуғнор туманидаги «Олимп кошонаси» фермер хўжалиги раҳбари Миҳиддин Ўринов. — 2013 йилда 101 тонна балиқ етиштирган бўлсак, 2014 йилнинг декабрь ойига қадар аҳоли дастурхонига 105 тоннадан зиёд балиқ етказиб бердик. Бу борадаги ишлар давом этмоқда».
Балиқчи тумани Аралхон массивида фаолият олиб бораётган «Саид Мусахон ерлари» фермер хўжалигига қарашли 19,5 гектар майдонда жойлашган учта ҳовузда ҳам балиқ парваришланмоқда. «Эрта баҳорда ҳовузларга 32 минг дона сазан, дўнгпешона ва оқ амур балиқлари уруғини ташлаган эдик, — деди хўжалик раҳбари Мўйдин Ҳасанов. – Балиқлар белгиланган рацион асосида озиқлантирилди».
Хўжаобод туманидаги «Қора амур» фермер хўжалигида балиқ етиштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Хўжалик тасарруфидаги иккита ҳовузда олти турдаги балиқ боқилмоқда. «Хўжалигимизда балиқлар учун омихта ем тайёрланади, — деди «Қора амур» фермер хўжалиги раҳбари Владимир Решетников. — Бу балиқ етиштиришда таннархнинг бирмунча арзон бўлишини таъминламоқда. Бундан ташқари, ҳудудимизда дам олиш маскани ташкил этганмиз».
Вилоятда балиқчиликни янада ривожлантириш, унинг захирасини кўпайтириш, интенсив усулда балиқ етиштириш, аҳолини сифатли ва нисбатан арзон маҳсулот билан таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)