«Cinema.uz» компаниясида «Эътироф — 2014» тақдимот маросимининг барча йўналишларида иштирок этаётган номзодлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Popcorn.uz».
Унда тақдимот маросими бош режиссёри Саъдулла Абдуллаев йиғилган барча иштрокчилар билан ижодий суҳбат ўтказди. Номзодларнинг айримлари ўз ҳис-ҳаяжонлари билан бўлишди.
«Аввало, бундай ажойиб байрамни бизга тақдим этаётганидан ҳукуматимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева. — ‘Эътироф — 2014’ тақдимот маросимида театр актрисаси сифатида номзодим қўйилишини кутмагандим. Ижод билан банд бўлгандим-у, лекин номзод бўлиб қатнашаман деган фикр хаёлимга ҳам келмаганди. Усмон Азим қаламига мансуб ‘Тонг отган тарафларда’ асарини ёш истеъдодли режиссёрларимиздан бири Асқар Ҳолмўминов саҳналаштирган. Мазкур спектаклда бош ролни ижро этганман ва ана шу образ орқали номзодликка лойиқ кўрилганимдан бахтлиман».
«Бу мукофотга муносиб кўрилганимиз бизнинг ижодимиз кимларгадир манзур экани, меҳнатимиз халқимиз томонидан қадрланаётганидан дарак. Менинг ижодимга бефарқ бўлмаган инсонлар борлиги учун хурсандлигимни ва миннатдорлигимни билдираман. Мукофот кимларга насиб этади, кимларга йўқ, аммо энг муҳими халқнинг эътибори», — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов.
Кўпгина халқаро танловларда иштрок этган «Шарқ» вокал чолғу ансамбли ижодкорлари Сарвар ва Татяна Ўзбекистонда ўтказилаётган Давлат мукофотига номзоди қўйилгани уларни икки карра ҳаяжонга солганини маълум қилди: «Ўз юртимизда, халқимиз томонидан оз бўлса-да меҳнатимиз баҳолангани ўзгача ҳиссиёт бермоқда. Ушбу мукофотга номзодликнинг ўзи катта маъсулият юклайди ва юқори мақсадлар сари чорлайди. Ҳақиқатдан ҳам ўзимизни катта синов олдида тургандек сезяпмиз. Истеъдодли ижодкорлар билан бир қаторда иштрок этишнинг ўзи биз учун қувончли. Сафдошларимизнинг барчаси яқин дўстларимиз, шунинг учун ҳам ўзимиз қатори уларга ҳам муваффақият тилаймиз».
«Ҳар бир актёр унинг ижоди тан олишини истайди ва табиийки, машҳурликка интилади, — деди актёр Бобур Йўлдошев. — Менинг номзодим қўйилганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Қўшни давлатларда ўтказилган халқаро кинофестивалларда мукофотланганман, аммо мамлакатимизда ўтказилаётган катта тақдимотга биринчи бор номзодланганим мен учун шараф туйғусини бермоқда».
Бастакор Шуҳрат Зокиров «Эътироф — 2014» мукофотига номзодликка лойиқ кўрилганини билиб ич-ичида фахр ҳиси уйғонганини айтди: «Номзодликка қўйилганларнинг барчаси ўзининг меҳнати билан кўзга кўринганлар, яъни мухлислар эътиборига тушганлардир. Сараланганлар орасида бўлишнинг ўзи катта бахт. Ҳар бир йўналишдаги иштирокчиларга омад тилайман. Мукофотга эришолмаганларга келгуси йилда албатта насиб этишини истаб қоламан, чунки бу йил ғолиб бўлолмаганлар янада самарали меҳнат қилиб, олдинга интила бошлайди. Бунинг ҳаммаси ўз натижасини беради, деб ўйлайман».
«Йилнинг энг яхши фильми» номинациясига номзод этилган «Қўрғон» кинокартинаси режиссёри Абдувоҳид Ғаниев бутун ижодий гуруҳ ҳаяжонда эканлигини маълум қилди: «Фильм яратилишида жамоамиздаги ҳар бир ижодкорнинг ўз ҳиссаси бор. Бир нечта яхши фильмлар орасидан бизнинг меҳнатимиз маҳсули эътирофга муносиб кўрилгани, учталикка киритилгани жудаям катта шараф, деб биламан».
«Аввало, номинацияга лойиқ кўрилган инсонларнинг ҳаммаси бирор соҳада ўз вазифасини, яъни фуқаролик бурчини бажаради. Ўзининг камтарона ишлари юксак мукофотга лойиқ кўрилгани, нафақат ёш ижодкорларга, балки анча йилдан бери меҳнат қилаётган турли соҳа вакиллари учун ҳам катта рағбат, десак муболаға бўлмайди», — деди телебошловчи Камола Одилова.
«Ўттиз йиллик ижодим давомида бир қатор спектаклларда бош ролларни ижро этдим, шу давр мобайнида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти унвонлари билан тақдирландим. Театр ва кино соҳасидаги меҳнатим улуғланганидан бениҳоя мамнунман. Бу йил иккинчи бора ўтказилаётган ‘Эътироф — 2014’ мукофоти узоқ йиллар давомида халқимиз томонидан тан олинган ижодкорларга насиб этаверсин», — дея оз фикрини билдирди Қорақалпоқ давлат мусиқали драма театри актёри Умирбай Қосимбетов.
Изоҳ (0)