Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган ёш рассомлар кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Нукус шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби, 33-ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан яратилган 180 дан зиёд графика, мўйқалам, амалий санъат асарлари намойиш этилаётган кўргазмада Ўзбекистоннинг бой тарихи ва бугунги куни ўз ифодасини топган.
Кўргазмада Достон Абдумуратовнинг «Натюрморт», Нилуфар Аннақулованинг «Пейзаж», Омонбой Қайпназаровнинг «Коинот», Нағметулла Ҳамидуллаевнинг «Куз», «Қишдаги овул» картиналари, шунингдек, Феруза Ембергенова, Насиба Матназарова, Меҳрибон Заримова, Гули ва Дилбар Атаубоеванинг миллий каштачилик буюмлари томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.
Изоҳ (0)