Жанубий Африка Республикасида бутун дунё бўйича илк маротаба тимсоҳлар кимошди савдоси ташкиллаштирилди. Бу ҳақда Bloomberg нашрига таяниб «Кун» маълум қилди.
Кимошди савдоси Квазулу-Натал провинциясининг Вартбург шаҳрида бўлиб ўтиб, тадбирда 8600 дона Нил тимсоҳлари сотувга қўйилди. Тадбир ташкилотчиларидан бири Нил Пентолфнинг маълум қилишича, харидорлар томонидан 8300 дона тимсоҳ сотиб олинган. Қайд этилишича, бу жониворлар Замбия, Зимбабве, Мозамбик ҳамда ЖАР ҳудудидаги дарёлардан тутиб келтирилган.
Вояга етган тимсоҳлар (7—10 ёшдаги, 200 килограмм вазнли) 1100 доллардан баҳоланган бўлса, 10 ойлик кичик тимсоҳчаларга 75 доллардан тўланган. Шунингдек, кимошди савдоси иштирокчилари кейинги йил инкубатор орқали очиб чиқадиган тимсоҳ тухумларини ҳам сотиб олган.
Қайд этиш жоиз, тимсоҳларнинг пишиқ ва мустаҳкам терилари қадрланади. Бундай терилардан қўлқоплар, оёқ кийимлар, белбоғлар ва шу турдаги маҳсулотлар тайёрланади.
Изоҳ (0)