Tashkent Cup − 2014 халқаро мусобақаси доирасида Ўзбекистон терма жамоаси 2-турда Қозоғистонга қарши баҳс ўтказди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Биринчи ўйиндан фарқли равишда Баҳодир Аҳмедов шогирдлари катта иштиёқ ва юқори тезликда ўтказишди. Рақибнинг ўйин услубини яхши билган вакилларимиз шунга монанд равишда ҳаракат қилишди ва қўшниларимизга имконият бермасликка интилишди. Аксинча, футзалчиларимиз ўйин бошидан қарши ҳужумда бир нечта хавфли вазиятлар яратишди. Жумладан Дилшод Раҳматов зарба йўллаган пайтда Ирсалиев дарвозабонни чалғитди. Игитадан ўтиб кетган тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Қайтган тўпни ҳужумчимиз дарвозага йўллай олмади. Шунга қарамай, ўйиннинг 7-дақиқасида Даврон Чориев ҳисобни очди. Ушбу комбинацияда барча ишни Артур Юнусов бажарди. У майдон марказидан ўнг қанот бўйлаб икки рақибдан ўтиб кетди ва кучли зарба йўллади. Дарвозабон тўпни қайтарди, қайтган тўпни Чориев яқин масофадан дарвозага йўллади. Қозоғистонликлар дарвозабони жамоасининг деярли ҳар бир ҳужумида майдон марказига келиб ўйнаб, ўзбекистонликларни қамал қилиш пайида бўлишди. Аммо терма жамоамиз яхши ҳимояланди. Рустам Умаров ҳам дарвозани ҳушёр қўриқлади.
Иккинчи бўлимни рақибларимиз фаол бошлашди. Кетма-кет икки вазиятда Рустам Умаров ўз маҳоратини намойиш этишига тўғри келди. Вакилларимиз бўлимнинг аксарият вақтини иккинчи рақам остида ҳаракат қилиб ўтказди. Шундай бўлса-да ташкил этилган қарши ҳужумлар анча хавфли кўриниш олганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, Дилшод Ирсалиевда бир қатор қулай вазиятлар юзага келганди.
Тайм ўрталарида ўйин суръати сезиларли даражада пасайди. Қозоғистон термасининг навбатдаги ҳужумларидан бири самарали тугади: меҳмонлар сафида энг фаол ҳаракат қилган Леонинг чап қанотдан тўп оширишидан сўнг жарима майдончамиз ичида очиқ қолдирилган Константин Чеботарёв ортиқча қийинчиликсиз Умаров дарвозасини ишғол этди. Ушбу голдан сўнг тайм-оут олган қозоғистонликлар учрашувни ғалаба билан якунлаб, муддатидан олдин чемпионликка эришишни мўлжаллашган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда голдан сўнг рақиблар ўйинида жонланиш кўзга ташланди.
Учрашув якунланишига икки дақиқа қолганида қўшниларимиз бир киши кам бўлиб қолишди. Серик Жаманкулов ўзидан тўпни олиб қўйган Шуҳрат Тожибоевнинг орқасидан зарба бергани сабаб майдондан четлатилди. Сўнгги дақиқалар тўлиқ терма жамоамиз устунлиги остида ўтган бўлса-да, вакилларимиз Игита дарвозасини яна ишғол этишнинг уддасидан чиқа олишмади.
Tashkent Cup − 2014
Ўзбекистон - Қозоғистон 1:1
Голлар: Чориев, 7 − Чеботарёв, 30
Ўзбекистон: Умаров, Хазратқулов, Тожибоев, Аноров, Свиридов, Садиров, Чориев, Абдураҳмонов, Шоахмедов, Аминов, Рахматов, Абдумавлонов, Ирсалиев, Шлема, Юнусов.
Қозоғистон: Игита, Леонардо Мендонса, Николай Пенгрин, Михаил Першин, Павел Тако, Серик Жаманкулов, Динмухамбет Сулейменов, Александр Довган, Алин Ассилҳан, Сундеткали Мамаев, Алексей Лопатюк, Станислав Кононенко, Константин Чеботарёв, Нурим Кенжебаев, Чингиз Яссенаманов.
Изоҳ (0)