Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Халқаро Паралимпия Қўмитаси раҳнамолигида Осиё Паралимпия Қўмитасининг Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг матбуот хизмати.
Ушбу тадбирда Марказий Осиё минтақаси бўйича координатор ҳисобланган Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этмоқда. Ассамблеяда сайланган Осиё Паралимпия Қўмитасининг янги Ижро қўмитаси таркибига кирган Умид Аҳмаджонов Марказий Осиё минтақаси бўйича координатор ваколатларини ҳам давом эттирадиган бўлди.
Ассамблеяда Аҳмаджоновга Ўзбекистоннинг халқаро мусобақалардаги ажойиб натижалари, шунингдек давлат томонидан паралимпия спорт турларига қаратилаётган юқори эътибор учун фахрий соврин топширилди. Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси Осиё қитъасининг энг яхши спорт ташкилоти деб топилди.
Ушбу ассамблеяда Осиё қитъасининг 45 мамлакатидан вакиллар, расмий шахслар, шунингдек, Халқаро кўзи ожизлар спорт ассоциацияси, енгил атлетика, дзюдо ва Паралимпиада дастуридан ўрин олган бошқа спорт турлари бўйича халқаро федерациялар вакиллари иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)