«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Competizione dell’Opera опера ижрочилари халқаро танловининг гала-концерти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Бу йилги нуфузли халқаро танлов юксак савияда ташкил этилгани ва унда кўплаб иқтидорли ёш опера ижрочилари қатнашгани билан ажралиб турди. Халқаро ҳайъат аъзолари санъат форумининг якунларига бағишланган матбуот анжуманида шуни алоҳида таъкидлади. Экспертлар ўзбекистонлик ёш ижрочилар маҳоратига юксак баҳо берди.
Ўзбекистон ёшлари Competizione dell’Opera танловида уч йилдан буён иштирок этиб келмоқда. 2012 йилда ўтказилган анжуманда мамлакатимиздан биринчи бўлиб қатнашган ва танловнинг кашфиёти сифатида эътироф этилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри хонандаси Раҳим Мирзакамолов биринчи ўринга сазовор бўлганди. 2013 йилда эса яна бир юртдошимиз – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рамиз Усмонов танловда иккинчи ўринни эгаллади.
Шуни қайд этиш жоизки, 2013 йилдан бошлаб танловнинг Марказий Осиё минтақавий саралаш эшитувлари Тошкентда ўтказиб келинмоқда.
Бу йил ўн тўртинчи марта ташкил этилган ушбу нуфузли танлов минтақамизда биринчи бўлиб Ўзбекистонда ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Австриядаги Competizione dell’Opera халқаро танлови ассоциацияси, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуман ярим финалининг биринчи турида Осиё, Африка, Европа ва Лотин Америкасидан 60 дан зиёд ижрочи иштирок этди. Уларнинг 30 нафардан ортиғи, жумладан, 10 нафар юртдошимиз иккинчи турга ўтди. Финалда эса энг яхши ёш итальян опера ижрочиси унвонига даъвогарлик қилган 20 санъаткорнинг беш нафарини Ўзбекистон вакиллари ташкил қилди.
Competizione dell’Opera танлови якунларига кўра, биринчи ўринга юртдошимиз, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри хонандаси Барно Исматуллаева муносиб деб топилди. Иккинчи ўринга Беларусь опера ижрочиси Павел Пятро сазовор бўлди. Учинчи ўринни россиялик Мария Баянкина ва ўзбекистонлик Жаброил Идрисов эгаллади.
Танлов доирасида Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари, B. Успенский ҳамда Р. Глиэр номидаги мусиқа лицейлари ўқувчилари учун маҳорат сабоқлари ўтказилди. Ушбу учрашувларда таниқли дирижёр ва бастакор, Беллини халқаро фестивали бош директори Маурицио Чампи (Италия), Н. Римский-Корсаков номидаги Санкт-Петербург давлат консерваторияси профессори Грайр Хенеданян (Россия), У. Гажибейли номидаги Боку мусиқа академияси ректори, Gabala Music халқаро мумтоз мусиқа фестивалининг бадиий раҳбари Фарҳод Бадалбейли итальян операсини ижро этиш усулларини такомиллаштириш сирлари билан ўртоқлашди.
Тошкентда ўтган Competizione dell’Opera танлови мамлакатимиз маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлди. Мазкур маданият ва санъат байрами «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида гала-концерт билан ниҳоясига етди.
Изоҳ (0)