Тошкент шаҳар автобусларга масофадан кузатиш тизими – GPS трекерларининг ўрнатилиши жамоат транспортидаги камчиликларни очиб ташламоқда. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқарув раиси ўринбосари, бош муҳандис Ҳосил Холматовнинг «Пойтахт транспорти» газетасига берган хабарига асосланиб «Kun.uz» маълум қилди.
«Хусусан, GPS нималигини тўла англаб етмаган баъзи ҳайдовчилар ҳамон бекатларда кўп туриб қолиш, белгиланган жадвални бузиш воситасида ортиқча ёқилғи сарфига йўл қўймоқдалар», – деди Холматов.
Унинг қайд этишича, Бош прокуратура томонидан юборилган тақдимномада 2013 йил ва 2014 йилнинг биринчи чораги давомида тизимдаги тармоқ корхоналари мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, йўналишларга чиқмаган автобусларга кўп миқдордаги сохта қатновлар учун чипта-ҳисоб ва йўл варақалари расмийлаштириб катта миқдорда дизель ёқилғисини растрата йўли билан талон-тарож қилгани, ҳайдовчиларга ноқонуний иш ҳақлари тўланишига шароит яратганлари каби ҳолатлар маълум қилинган.
«Ана шундай ҳолатларга шароит яратган ва унда бевосита иштирок этган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш очилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилган», – дея қўшимча қилди Холматов.
Изоҳ (0)