Тошкент шаҳар жамоат транспортида 2014 йилнинг дастлабки ўн ойи давомида транспорт воситаси салонида йўловчининг йиқилиши билан боғлиқ 22 та ҳодиса қайд этилди. Бу ҳақда «Пойтахт транспорти» газетасига асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.
«Ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда транспорт воситасини бошқариш вақтида қалтис тормоз бериш, кескин манёврни амалга оширишлари оқибатида салон ичидаги йўловчилар тан жароҳатини олмоқдалар», – деди «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи Муҳаммаджон Қаҳҳоров.
Йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари сифатида ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситаси билан етарлича оралиқ масофани сақламаганлик, ҳаракат мунтазамлигига риоя қилмасдан оралиқ бекатда ортиқ тўхтаб туриб, сўнгра транспорт воситасини катта тезликда бошқариш кабилар кўрсатиб ўтилган.
«Демак, ҳайдовчилар билан пиёдаларга эътиборлироқ бўлиш, тезликни оширмаслик, ҳаракат мунтазамлигига риоя қилиш ва ҳар бир оралиқ бекатда ортиқча тўхтаб турмаслик бўйича тасарруф ходимлари билан ҳамкорликда профилактик ишларни олиб боришни кучайтириш тавсия этилади», – деди Қаҳҳоров.
Изоҳ (0)