Бухоро вилоятидаги бешик тўйи кечгача давом этди. Тўйнинг яхши ўтганидан димоғи чоғ хонадон соҳиби меҳмонхонасида алоҳида дастурхон тузаттириб, ошна-оғайнисини ичкарига таклиф қилди. Шишадаги «шайтон суви» ўтирганлардан баъзиларини ақлдан оздириб, зўравонга айлантирди. Аввал тилга, кейин муштга зўр берилди, деб хабар қилмоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Меҳмонга келган киши уй эгасининг укаси билан тортишиб қолди. Унинг «Мен қилган ишни отанг ҳам қилмаган», — деб айтган бир оғиз гапи даврадагиларнинг ғашига тегди. Ғавғо катталашмаслиги учун гап талашганларни уйларига чиқариб юборишди. Уй эгасининг укаси билан тортишган меҳмонни ҳам машинасига миндириб жўнатишди.
Қишлоқ кўчасидан кетаётганида йигитлардан бири мазкур меҳмоннинг Lacetti’си биқинига тепиб пачоқлади. Бу ишни тўй қилган уй эгасининг укасидан кўрган меҳмон жаҳл отига минди.
Можародан хабар топган акалар гарчи бу иш укасининг иши бўлмаса-да, машинанинг пачоқ бўлган жойини тузатиб беришга келишди. Бироқ меҳмоннинг кўнгли тўлмади, тортишган одамининг таъзирини бериш пайида бўлди. Уйига келиб, сўкина-сўкина ошхона пичоғини олиб чиқиб кетганини хотини кўриб қолди. Бир нохушликни пайқаган аёл қайнотасиникига югурди.
Меҳмон тортишган одамини қариндошининг ҳовлисида турганини кўриб, уни имлаб кўчага чақирди. Икки ширакайфнинг кўча четида гап талашганини ҳеч ким кўрмади. Меҳмон қўйнидаги пичоқни суҳбатдошининг бўйнига санчди. Бундай ҳужумдан гандираклаб қолган фуқаро чаккасига тушган кейинги зарбаларни сезмади.
Қариндошлари уни излаб келгунича уйқу артериясига етказилган жароҳат сабаб кўп қон йўқотган фуқаро вафот этди. Жанжаллашган меҳмон эса бу қотиллик учун суд ҳукми билан 13 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)