Яқиндагина янги дуэт таронаси учун яратилган видеоклипи премьера қилинган ширали овоз соҳибаси Нилуфар Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзининг концерт дастурини тақдим этди. Бу ҳақда «Popcorn.uz» хабар бермоқда.
Икки кунлик концерт дастури Истанбулдаги Kartal Bulent Ecevent ҳамда Bakirkuy Cem Karaca маданият марказларида бўлиб ўтди.
Ўзбек санъатига ошуфта қалбларни чорлаган концертга нафақат ўзбеклар, балки турли миллат вакиллари ҳам ташриф буюрди. Дастур уч қисмдан ташкил топиб, Нилуфар ўз ижодидаги барча қўшиқларни ижро этди.
Бундан ташқари, концертнинг энг ёдда қоларли жиҳати DJ Piligrim билан ижро этилган «Дилим» қўшиғининг видеоклипи томошабинларга намойиш этилгани бўлди.
Нилуфарнинг дастурдаги ҳар бир қисм учун алоҳида тайёрлаган либослари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Яна бир эътиборли томони шундаки, Нилуфар рэпертуаридаги қўшиқлар мусиқаси профессионал турк созандалари томонидан жонли равишда ижро этилди.