Соҳил футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинлари 2-турида Баҳрайн терма жамоасини 4:3 ҳисобида мағлубиятга учратди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Футбол Федерацияси.
Таиланднинг Пхукет шаҳрида давом этаётган Осиё ўйинларининг саҳро футболи мусобақасида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси «C» гуруҳи 2-тур ўйинида Баҳрайн терма жамоасига қарши баҳс олиб борди ва голларга бой бўлган учрашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тоҳир Абдураззоқов учрашувда дублга эришган бўлса, яна бир голга Жамолиддин Шарипов муаллифлик қилди. Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир голи баҳрайнлик футболчига автогол сифатида ёзилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги 1-тур ўйинида 15 ноябрь куни Хитой терма жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Аҳад Юсупов бош мураббийлигидаги саҳро футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда «D» гуруҳи жамоаларидан бирига қарши баҳс олиб боради. Маълумот ўрнида «D» гуруҳида Япония, БАА ва Малайзия терма жамоалари баҳс олиб бормоқда.
Осиё ўйинлари (Саҳро футболи, эркаклар, «C» гуруҳи, 2-тур)
Ўзбекистон — Баҳрайн: 4:3
Голлар: Ал Досари (26 автогол), Тоҳир Абдураззоқов (32, 33), Жамолиддин Шарипов (36) — Ал Досари (3), Ал Абдулла (22), Ал Мугави (35)
Изоҳ (0)