15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бошқарди, деб хабар бермоқда 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича республика матбуот маркази.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунга мувофиқлигини батафсил текшириб чиқди.
Марказий сайлов комиссияси текшириш якунларига кўра ва Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунининг 26-моддасига мувофиқ, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Таъкидландики, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ ҳолда, ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилган.
Рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади. Мажлисда сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, ташқи реклама имкониятларидан ва сайловолди ташвиқотининг бошқа шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда олиб бориш тартиби тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича сайлов бюллетени ва сайлов варақаси намуналарини ҳам тасдиқлади. Шунингдек, мажлисда Комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)