Келиб чиқиши покистонлик бўлган ва ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи беш ёшли Аян Куреши Microsoft компаниясининг энг ёш дастурчи-мутахассиси бўлди. Бу ҳақда Naked Science журнали хабар берди, деб ёзади «Пароль» нашри.
Болакай Покистоннинг Лаҳор шаҳрида таваллуд топган. 2009 йилда унинг оиласи Лондонга кўчиб келган. Ёш дастурчининг ёшига ҳам қарамасдан уни Бирменгемдаги университетда бўлиб ўтган Supporting Windows 8.1 имтиҳонига киритишди. Беш ёшли мутахассис имтиҳондан аъло даражада ўтди ва ўз қобилиятини кўрсатди. Ушбу имтиҳон эса ахборот технологиялари соҳасида мутахассис номига эга бўлиш учун ўтказилади.
«Биз ундан жуда ҳам фахрланамиз» — дейди болакайнинг отаси. У фарзандининг қобилиятини кўриб, унга компьютер лабораториясини қуриб берди.
Болакайда компьютерга қизиқиш уч ёшида, унга отаси дастурлаш ҳақида гапириб берганда бошланган. Аян барча болалар каби компьютер ўйинларини жуда яхши кўради. У ҳозирча келажакда ким бўлишини ҳал қилмаган, аммо компьютер билан боғлиқ ишда ишлашига ишонмоқда.
Бундан олдинги рекорд натижа ҳам покистонлик болакай томонидан қайд этилган эди. Унда Мехроз Явар исмли олти ёшли болакай Microsoft Certified Professional сертификати билан тақдирланганди.
Изоҳ (0)