Урганч шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига қарашли «Охунбобо» қабристони назоратчиси янги қабрга ер майдони ажратиш учун вафот этган шахсларнинг яқинларидан пул талаб қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Даракчи» газетасига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Хабар берилишича, қабристон назоратчиси икки йил давомида янги қабрга ер майдони ажратиш учун беш кишидан 1,5 миллион сўмдан, бир кишидан 1,35 миллион сўм, яна бир кишидан эса 1,45 миллион сўм пул талаб қилиб олган.
Бундан ташқари, у қабристондаги ёлланма ишчи билан тил бириктиргани ҳолда қабристон ҳудудида жойлашган эҳсон қутиларидаги уч миллион сўмдан ортиқ хайрия пулларини ўғирлаб, ўзлаштириб олган.
«Тириклар тугул, ўликларнинг ҳам ҳақидан ҳазар қилмаган бу кимса [...] ўз кирдикорлари учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди», — дейилади газетадаги мақолада. Бироқ унга нисбатан қандай чора кўрилганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)