Хитойнинг Huawei Technologies компанияси «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг филиали − UzMobile негизида ташкил этилаётган миллий мобил алоқа операторига телекоммуникация ускунларини етказиб беради, деб хабар бермоқда UzDaily.
«Ўзбектелеком» акциядорларининг навбатдан ташқари мажлисида бу масала юзасидан 117,6 миллион долларлик шартнома тузишга рухсат берилган. Шартноманинг 100 миллион долларлик қисми Хитой тараққиёт давлат банки ва 17,6 миллион доллари «Алоқабанк» томонидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 12 февралдаги «Миллий мобил алоқа оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан UzMobile негизида GSM стандартида ишлайдиган миллий мобил алоқа оператори ташкил қилинмоқда.
Шунингдек, CDMA стандарти бўйича ҳам ишини давом эттирадиган UzMobile GSM тизимида 8 миллионта рақам чиқариши кўзда тутилган. Қиймати 500 миллион долларга баҳоланган лойиҳанинг 100 миллион долларлик қисми Хитой тараққиёт давлат банки, шунингдек Ўзбекистон маблағлари эвазига молиялаштирилади.
Изоҳ (0)