Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан мамлакатдаги барча темирйўл ходимларига қутлов йўллади. Табрикнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
Президент ўз қутловида транспорт хизматларининг даражаси ва сифатини оширишда темир йўл паркининг ҳаракатланадиган таркибини энг замонавий, юксак самарали локомотивлар ва ҳар томонлама қулай вагонлар билан янгилаш бўйича ишлар ўта муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди.
Қайд этилганидек, фақатгина сўнгги ўн йилда 38 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи ташиш тепловози сотиб олинди, 150 та локомотив модернизация қилинди.
«Испаниянинг ‘Талго’ компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, замонавий, юқори тезликда ҳаракатланадиган ‘Афросиёб’ электропоезди Ўзбекистоннинг ғурур-ифтихори ҳисобланади. Шуни айтиш жоизки, бундай поездлар дунёнинг атиги саккизта мамлакатида мавжуд. Бугунги кунда ушбу поезд ҳар куни Тошкент — Самарқанд — Тошкент йўналиши бўйича 344 километрлик масофани бор-йўғи икки соатда босиб ўтмоқда. Бу эса одамларимизнинг ана шу транспорт турига бўлган муносабати ва қарашларини тубдан ўзгартирмоқда», — дейилади табрикда.
Изоҳ (0)