Ўзбекистонда 2014 йил 1 декабрдан иш бошлаши режалаштирилган UMS мобил оператори билан Фарғона вилоятида дилерлик шартномаларини тузиш бўйича мурожаатлар Ucell алоқа оператори рақамларида қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳи аъзолари хабар берган.
Гуруҳ фойдаланувчиларидан бири собиқ «МТС-Ўзбекистон» компаниясининг Фарғона вилоятидаги бош офиси олдида тегишли эълон осилгани акс этган суратни жойлаштирган. Фойдаланувчининг аниқлик киритишича, бу собиқ «МТС-Ўзбекистон»нинг Фарғона шаҳридаги асосий офиси бўлган.
Эълонда мурожаат учун телефон рақами Ucell алоқа операторига тегишли эканлиги кўриниб туради (+998 93 коди билан бошланган). Бу UMS компаниясининг расмий вакили эканлиги ёки эмаслиги тўғрисида маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, МТС компанияси июль ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битими имзолаган ва Ўзбекистонда янги қўшма корхона — Universal Mobile Systems ташкил этиб, корхонанинг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи эса Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлиши ҳақида келишилган. Янги операторнинг тижорий фаолияти 2014 йил 1 декабрдан бошланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)