Жорий йил аввалида Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш бўйича қабул қилинган стратегияни изчил ва аниқ мақсадли амалга ошириш учун мавжуд захираларни жалб этишга доир кўрилган чора-тадбирлар ялпи ички маҳсулотнинг 8,1 фоизга ўсиши, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш имконини берди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу давлат бюджетининг профицити (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз) ва ташқи савдо айланмасининг 900 миллион доллардан зиёд ижобий салдосида ўз ифодасини топмоқда.
Технологик жараёнларни модернизация қилиш ва янгилаш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда реал сектор корхоналарини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоиз, истеъмол товарлари 11,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,8, чакана савдо айланмаси 14,2, пуллик хизмат кўрсатиш 11,1 ва жами хизматлар ҳажми 14,7 фоизга ошди.
Муҳим объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни жадаллаштириш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шу мақсадда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини кенгайтиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 10,7 фоиз ва пудрат қурилиш ишларини 18,9 фоизга ўсишини таъминлади.
Банк тизимининг ресурс базасини кенгайтириш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тижорат банклари умумий капитали 24,7 фоиз, банкларнинг умумий активлари 29,2, жалб қилинган депозитларнинг 30,4 фоизга кўпайишини таъминлади. Натижада Ўзбекистон банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,9 фоизни ташкил қилди ва бу халқаро стандартларга нисбатан уч баробар юқоридир.
Изоҳ (0)