Бухоро вилоятида мактабгача таълим муассаса (МТМ)ларини сақлаш харажатлари учун 2014 йилнинг ўтган даврида 68,7 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматига асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.
Қайд этишларича, 2013 йилда вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан ушбу мақсадлар учун 63,5 миллиард сўм сарфланган эди. Умуман, олиб борилган ишлар натижасида бир қатор МТМлар фаолияти қайта тикланган.
Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда мавжуд 340та МТМнинг 265таси лойиҳа асосида қурилган бинода жойлашган бўлса, 75таси мослаштирилган биноларда фаолият олиб бормоқда.
Бухоро, Когон шаҳарлари, туман марказлари ва бир қатор қишлоқ жойлардаги боғчаларнинг моддий-техник базаси намунали даражада, бироқ аксарият қишлоқлардаги МТМлардаги аҳвол қониқарсиз.
Вилоятда МТМ биноларидан хўжасизларча фойдаланиш, ободончилик, санитария, овқатланиш, болалар қатнови ва бошқа йўналишларда муаммолар учраб турибди.
«Муҳиддин Эсонов (Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи − ‘Daryo’) мазкур масала муҳокамасига ўта танқидий ёндашиб, МТМларда келажагимиз эртанги эгалари вояга етиши, уларнинг тўғри овқатланиши, яшаши ва машғулотларнинг сифатли ташкил этилиши баркамол авлод тарбиясининг муҳим пойдевори эканлигини, шу боис ушбу тизимда йўл қўйилган ҳар қандай нуқсон кечириб бўлмас жиноят эканлигини таъкидлади», – дейилади ҳокимлик ахборотида.
Изоҳ (0)