Жанубий Кореянинг Sports Dong-a нашрига кўра, Жанубий Корея футбол ассоциацияси мамлакатда ҳакамлар савиясини ошириш ва 2018 йилги Жаҳон чемпионатида кореялик ҳакамларнинг ҳам иштирок этишига эришиш учун улкан лойиҳа ишлаб чиқмоқда. Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида Жанубий Кореядан бирорта ҳам ҳакам иштирок этмагани туфайли эндиликда футбол ассоциацияси ҳакамлар тайёрлашга жиддий киришган кўринади, деб хабар беради Stadion.uz.
Яқинлашаётган Осиё Кубоги — 2015 мусобақасига корейслар олти нафар ҳакамни юбориши режага киритилган бўлиб, Корея ОФК томонидан юқори баҳоланадиган олти ҳакамни 2018 йилги ЖЧга ҳам бориши учун барча имкониятларни ишга солмоқчи.
Sports Dong-a нашри бу борада шундай ёзади: «Ҳамма масала Осиё Кубоги давомида ҳал бўлиши мумкин. Ушбу турнирда яхши фазилатларини кўрсатиб, ОФКнинг рағбатига эришиш — ҳакамларимиз учун ЖЧга йўлни очиб беради. Жаҳон чемпионатига эса ФИФАга ҳар бир қитъа футбол конфедерацияси тавсия этган ҳакамлар бориши кундек равшан.
Корейс ҳакамлари ҳам ЖЧ остонасига қадам ташлаши учун футбол ассоциациямиз фаоллик кўрсатиши зарур. Албатта, бизнинг ҳакамларимиз учун Ўзбекистон, Австралия, Баҳрайн ва қисман эронлик ҳакамлар асосий рақобатчи бўлиб қолаверади».
Жанубий Корея Футбол ассоциацияси ҳакамлар бўлими раҳбари Жонг Хе Сонг эса қуйидагича фикр билдирган: «Жанубий Корея терма жамоаси Осиёда юқори натижаларга эришиб келяпти. Аммо ҳакамларимиз борасида бундай мақтана олмаймиз. Биз ҳакамларимиз ҳам терма жамоамиз каби халқаро майдонда юксак чўққиларга чиқиши учун дастур ишлаб чиқдик».
Изоҳ (0)