13—26 октябрь кунлари Европада ўтказилаётган кенг кўламдаги ҳарбий машғулотлар доирасида НАТО ядро қуролини элта оладиган B-52 бомбардимончи самолётларни ишга солади. Бу ҳақда The Washington Times нашрига таяниб, «Европейская правда» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бир қанча бомбардимончи самолёт узоқ масофали иккита парвозни амалга ошириши АҚШ стратегик қўмондонлиги томонидан маълум қилинган.
Айни дамда Ўртаер денгизида 20 дан зиёд ҳарбий кема, бир неча сувости қайиғи ва ҳарбий самолёт иштирокида Noble Justification («Олийжаноб сабаб») номли ҳарбий машғулотлар олиб борилмоқда. Юқорида қайд этилган бомбардимончилар ҳам мана шу машғулотлар доирасида оддий турдаги қуроллардан фойдаланиб, сохта зарбаларни амалга оширади.
Пентагоннинг собиқ стратеги Марк Шнайдернинг айтишича, бомбардимончилардан фойдаланиш тўғри йўналиш сари ташланган қадамдир. «Россияликлар хилма-хил турдаги ядро қуроллари билан очиқдан-очиқ таҳдид қилмоқда. Бундай ҳолатда кучайтирилган чоралар билан қўрқитиш сигналини бериш зарур», — деди Шнайдер.
Изоҳ (0)