21 октябрь куни бўлиб ўтган жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш масалалари республика ҳукуматининг доимий диққат-эътиборида таъкидлаб ўтилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Хусусан, «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар йўналтирилди.
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорлари 1,12 баравар оширилди.
Шунингдек, мажлисда уй-жой қуришнинг янги қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар бўйича 10 830 та якка тартибдаги уй фойдаланишга топширилгани қайд этилди.
Изоҳ (0)