Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўққиз кун давомида Қатар ва БААда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини ва унинг доирасидаги ўртоқлик ўйинларини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Терма жамоа аввалига легионерларсиз ўйнаб, Дохада Қатар термасига йирик — 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Сўнг Дубайда Баҳрайн билан дуранг натижа қайд этилди. Ваҳоланки, жанговар таркиб ҳаракат қилган ўша учрашувда ташаббус тўлалигича Ўзбекистон томонида бўлган эди. Лекин қулай вазиятлардан фойдалана олмаслик натижасида Миржалол Қосимов шогирдлари дуранг билан чекланди. Шундан сўнг, Абу-Даби шаҳрида БАА терма жамоаси мағлуб этилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров айнан шу ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Хусусан, у БААдаги йиғин ажойиб ўтганини айтди: «Маълум танаффусдан сўнг терма жамоадаги дўстларимиз билан яна бир жойда жам бўлдик. Лекин БААдаги иссиқ ҳаво тўлақонли ишлашимиз, бор имкониятларимизни намойиш этишга бироз тўсқинлик қилди. Намлик жуда юқори. Ўзга иложимиз ҳам йўқ. Кейин бу биз учун янгилик ҳам эмас».
Футболчи Баҳрайн билан ўтказилган учрaшувда Ўзбекистон термаси анча яхши ўйин кўрсатгани, шунга яраша кўплаб хавфли вазиятлар юзага келтирилгани, бироқ ҳужумлар голга айлантирила олмаганини қайд этди. «Албатта, ўша ўйинда бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилишимиз бироз панд бериб қўйди. Ўйин амалиёти ҳам бу ерда муҳим рол ўйнайди. Аммо умумий олганда, ўша куни кўрсатган ўйинимизни ижобий дея баҳолаш мумкин. Бу менинг шахсий фикрим. Кимдир унга қўшилмас. Ҳар доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Кучли жамоалар ҳам ҳамиша гол уриб, ғалаба қозонавермайди.
Масалан, куни кеча Евро-2016 доирасида Голландия терма жамоаси Исландияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бундай натижани ҳеч ким кутмаганди. Назаримда, Исландиянинг ўзи ҳам. Биз-ку ўртоқлик учрашувида нурсиз дуранг қайд этдик. Янги Зеландия билан бўлган ўйинни эсланг. Ўшанда қулай вазиятлардан унумли фойдалангандик. Истардимки, расмий баҳсларда ҳам шундай сермаҳсулликни кўрсатайлик», — деди Жепаров.
Жамоа сардори ҳозирги таркибга ёш футболчилар ҳам қўшилaётганини ёдга олиб, уларнинг жамоага ўрганиши учун вақт кераклигини айтди. Шунга қарамай, у ёшлар ҳақида ижобий фикр билдирди: «Энг муҳими, уларда ишонч бор; улар ўзлари учун тақдим этилаётган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолиши лозим. Ҳар доим ҳам бундай имконият юзага келмаслиги мумкин».
Сервер Жепаров мураббийлар айни дамда муаммо бўлиб қолаётган масала — ҳужум борасида бор имкониятдан фойдаланаётганини таъкидлади: «Шундай экан, ҳозир мавжуд бўлган ҳужумчилар билан ишлаш керак. Терма жамоага чақириляптими, демак, у шунга муносиб. Лекин муносиб эканлиги ва мураббийлар ишончини оқлаш бошқа масала».
Терма жамоа сардори январь ойида Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё кубогидан энг юқори натижани кутаётганини яширмади: «Осиё чемпиони бўлиш фурсати етди. Негадир, мен шунга ишоняпман. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси ниятга ва ҳаракатга боғлиқ».
«Бизда кучли таркиб шаклланган. Терма жамоамизни Осиёдаги рақиб жамоалар ҳурмат қилади ва, керак бўлса, қўрқади ҳам», — деб қўшимча қилди футболчи.
Сизнинг иккинчи ватанингизга айланган Жанубий Кореяда бўлиб ўтган 17-Осиё ўйинларида қатнашган Ўзбекистон терма жамоасининг омадсиз иштироки ҳақида нима дейсиз деган саволга Сервер қуйидагича жавоб берди: «Менинг битта Ватаним бор — Ўзбекистон! Кореяда бир неча мавсумдан бери ўйнаяпман. Тўғри, сиз айнан шуни назарда тутдингиз. Кореяда футболчилар ҳарбий хизматдан озод қилинади.
Афсус, Осиё ўйинлари биз учун жуда эрта якунланди. Тайёр ғалабани рақибга бериб қўйдик. Шуниси ёмон бўлди. Барчаси футболчиларимизнинг қўлида эди. Шундай учрашувни ютқазганимиз яхши бўлмади. Бундан 20 йил аввал қўлга киритилган натижани такрорлаш терма жамоамиз олдига вазифа сифатида қўйилган эди. Таркиб ҳам кучли бўлиб, ғолиб бўлиш учун барча имкониятлар етарли бўлганди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради».
Суҳбат давомида жамоа сардори ёшларда ҳам, ўсмирларда ҳам кузатилаётган сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориш ҳолатини вирус деб атади.
Изоҳ (0)