Япониянинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Юко Обути истеъфога чиқди. Обути бу ҳақдаги аризани мамлакат Бош вазири Синдзо Абэга топширди. Ариза эса Абэ томонидан имзоланди, деб хабар бермоқда «Сегодня» нашри.
Ариза Бош вазир ва Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирининг 30 дақиқалик учрашуви вақтида топширилган.
Обути ўзининг тарафдорлари ташкилоти маблағларини сиёсат билан боғлиқ бўлмаган нарсалар, хусусан, пардоз-андоз учун сарфлаганликда гумон қилинмоқда. Reuters маълумотларига кўра, вазирни қўллаб-қувватловчи икки жамғарма 2009—2011 йилларда Обути тарафдорлари ва сайловчилар учун ҳар йилги саҳналаштирилган тадбирларга 43 миллион иен (қарийб 402,3 минг доллар)га тенг маблағ ажратган.
Аниқланишича, бошқа бир жамғарма Обути қариндошиларига қарашли дўконлардан маҳсулот харид қилиш учун 3,8 миллион иен (35,6 минг доллар атрофида) сарфлаган.
ТАССнинг қайд этишича, биринчи ҳолат сайловчиларни сотиб олиш сифатида баҳоланса, иккинчиси қонунбузарлик бўлиб, сиёсий фаолият учун ажратилган воситаларни бошқа мақсадда ишлатиш ҳисобланади.
Юко Обутининг истеъфога чиқиши жиддий сиёсий инқирозга олиб келиши мумкин, дейилади нашрда.