Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни ижроси доирасида пойтахт туманларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, эришилган натижалар ва долзарб вазифаларга бағишланган матбуот анжуманлари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Айни кунга қадар ўтказилган мазкур тадбирларда Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, инвестиция имкониятлари, аҳоли тураржойлари ҳамда ижтимоий объектларни қиш мавсумига тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг ижроси хусусида сўз юритилди.
Жумладан, Миробод туманидаги 39 маҳаллада тинчлик ва осойишталикни сақлаш, вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларнинг самарадорлигига эришиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида ҳам иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги изчил чора-тадбирлар натижасида саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичи динамикаси муттасил ортиб бормоқда. Бу ерда 5000 га яқин кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлиб, саноат маҳсулотлари тайёрлаш, қурилиш-пудрат ишлари, пуллик хизматлар ҳамда савдо айланмасида уларнинг улуши кўпаймоқда.
Миробод туманида жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 7000 иш ўрни яратилган бўлса, Мирзо Улуғбек туманида 7258 кишининг бандлиги таъминланди. Айниқса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масаласи доимий назоратга олингани самара бермоқда.
Ушбу тадбирларда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Изоҳ (0)