Россия ва Украина газ етказиб бериш бўйича ўзаро келишувга эришди. Унга кўра, Украинага қишки мавсум учун газ нархи 1000 куб метрга 385 долларни ташкил этади. Шунингдек, Украина газ етказиб берилиши учун маблағни олдиндан тўлашга тайёр эканлигини билдирган. Бу ҳақда Россия энергетика вазири Александр Новак маълумотига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Украина учун белгиланган мазкур нархни «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер тасдиқлади. Унинг айтишича, Украина 21 октябрь куни ўтказилиши кутилаётган уч томонлама учрашувга қадар газнинг қишки мавсум учун етказиб берилишини молиявий томондан таъминлаш масаласини ҳал қилиши керак. Миллер, шунингдек, «Газпром» ва «Нафтогаз Украини» компаниялари доимий равишда телефон орқали маслаҳатлашувлар олиб боришини қайд этди.
«Бугун Украина газ етказиб бериш бошлангунча 1,45 миллиард долларга тенг биринчи тўловни амалга оширишга розилик билдирди, — деди ‘Газпром’ бошқарувчиси. — У йил якунига қадар 3,1 миллиард долларлик маблағни тўлашга рози бўлди».
Жорий ҳафтада Россия биринчи тўлов миқдори бўйича Украинага қўйган талабларини камайтирди. Хусусан, «Нафтогаз Украини» томонидан «Газпром»нинг қарз тўлаш бўйича ҳисобига октябрь сўнгига қадар ўтказилиши керак бўлган икки миллиард доллар 1,454 миллиард долларгача камайтирилди.
Изоҳ (0)