Бугун Таиланд ва Ўзбекистон ёшлар (У19) терма жамоалари ўртасидаги чорак финал ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Таиланд терма жамоаси бош мураббийи Сасом Побпрасетнинг айтишича, чорак финалда Ўзбекистон U-19 фаворит ҳисобланади.
«Эртага биз ютқазиб қўйсак, одатий қабул қилиниши мумкин. Лекин Ўзбекистон ярим финалга чиқа олмаса, катта янгилик бўлади. Ўзбекистон кучли жамоа ва уларга қарши ўйин оғир кечади. Қолаверса, таркибимизда муаммолар, жароҳат олганлар бор.
Гуруҳ босқичидаги ‘камбэк’лар чиқмаслиги мумкин, чунки бу ўйин тақдири бир ўйинда ҳал бўлади — учта имконият йўқ. Биз бор имкониятимизни ишга соламиз, кучимизни бериб ўйнаймиз, лекин рақибимизнинг кучли эканлигини ҳам тан оламиз», — деди Таиланд ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги чорак финал баҳси 17 октябрь куни Тошкент вақти билан 17:30 да бошланади.
Изоҳ (0)