Россиялик хакерлар Microsoft Windows ва бошқа дастурлардаги хатоликлардан фойдаланиб, НАТО, Европа Иттифоқи, Украина ҳукумати, шунингдек, энергетика ва телекоммуникация компанияларидаги компьютерларда жосуслик ишларини амалга оширди. Бу ҳақда Reuters’га таяниб, Korrespondent.net хабар бермоқда.
Киберхавфсизлик соҳасига ихтисослашган iSight Partners компаниясининг қайд этишича, хакерлар айнан қайси маълумотларни олишга муваффақ бўлганини ҳеч ким билмайди. Бироқ iSight мутахассислари хакерларнинг мақсади Украина можаролари билан боғлиқ ахборот, шунингдек, дипломатик, энергетик ва телекоммуникация соҳаларига оид маълумотлар бўлганлигини тахмин қилмоқда.
iSight’нинг ўзи Украина ҳукуматининг айрим компьютер тизимларига ҳужум қилингани билан боғлиқ далилларга эга эканлигини таъкидлади. Шунга қарамай, компания мазкур ҳужум қурбонларини масофадан туриб аниқлай олмади.
Нашрда қайд этилишича, мазкур жосуслик беш йилдан бери амалга ошириб келинган. Бу вақт мобайнида хакерлар ўз мақсадларига эришиш учун бир қатор ҳужум турларидан фойдаланган. Бироқ улар фақатгина жорий йилнинг август ойидан кўплаб Windows версияларида учрайдиган хатоликдан фойдалана бошлаган.
iSight мутахассислари дастур кодидаги маълум белгиларга таянган ҳолда ҳужумлар россияликлар томонидан амалга оширилган, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, бундай тахмин пайдо бўлишига мақсаднинг ўзига хослиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Изоҳ (0)