Украина жанубидаги Одесса шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Канатная ва Пантелеймоновская кўчалари кесишмасидаги ахлат қутисидан топилган боши, оёқ ва қўллари йўқ аёл қотиллигига дахлдор деб ҳисобланаётган гумондорлар — 42 ёшли эркак ва унинг 46 ёшли турмуш ўртоғини қўлга олди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, гумондорларни аниқлашда хонадонма-хонадон олиб борилган тергов-суриштирув ишлари ва маҳаллий аҳолининг сўроқ қилиниши ёрдам берган. Қўлга олинганлар хонадонидан эса болта топилган.
«Ҳалок бўлган аёл мазкур оиланинг таниши бўлган ва уларникига хонадон эркагининг таклифи билан ташриф буюрган. Зиёфатдан сўнг, уй бекаси рашк туфайли меҳмон билан урушиб қолган. Икки ўртада жанжал содир бўлиб, мезбон аёл рақибасига болта билан зарба берган», — дейилади ИИВ хабарида. Қўшимча қилинишича, рашкчи мезбон бир неча бор пичоқ ҳам санчиб олган.
Жиноят изларини яшириш мақсадида гумондор аёл ҳалок бўлган шахсни бурдалаб ташлаган. Сўнг тана, оёқлар, қўллар ва бошни ахлат пакетларига солиб, бир неча ахлат қутисига ташлаган.
Содир бўлган воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ (0)