АҚШ Конгресси Сенатининг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитаси катта республикачиси Жеймс Инхоф жума куни Пентагонга Ғарбий Африкада Эбола вирусига қарши курашиш учун қўшимча 750 миллион АҚШ доллари ажратишга розилик берди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Инхоф ўзининг баёнотида: «Бугун мен Вакиллар палатасидаги ҳамкасбларим фикрига қўшиламан ва Пентагон талабига кўра ‘Бирлашган ёрдам’ операциясини қўллаб-қувватлаш учун мудофаа вазирлигига кейинги олти ой мобайнида 750 миллион АҚШ долларини ишлатишига рухсат бераман», — деб таъкидлади.
Шу билан бирга, у АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятини кучли танқид остига олди. Унинг фикрича, маъмуриятнинг бу борада аниқ тадбирлар режаси йўқ. У бундан буён молиялаштиришнинг бошқа манбаларини ҳам излаш кераклигини қайд этди.
Ушбу маблағни Африкага тўрт минг нафар ҳарбий жўнатиш, шунингдек, эпидемияга қарши курашаётган шифокорларга ёрдам тариқасида юбориш режалаштирилмоқда. Аввал бу маблағ Афғонистондаги ҳарбий кампанияга мўлжалланган эди.
Эбола вируси келтириб чиқарадиган касаллик эпидемияси уни тўхтатишга қаратилган халқаро хатти-ҳаракатлардан илгарилаб кетмоқда. Бу ҳақда жума куни БМТ бош котибининг касалликка эътибор қаратиш бўйича махсус элчиси Давид Набарро баёнот берди.
Махсус элчининг фикрига қўшилган ҳолда, «Вақт бизга қарши ишламоқда. Эбола анча илгарилаб кетган, биз эса унгача бўлган бўшлиқни енгиш учун тегишли чора-тадбирлар кўришимиз лозим», — деб қайд этди Эбола эпидемиясига тезкорлик билан эътибор қаратиш бўйича БМТ миссия раҳбари Энтони Бэнбери.
Изоҳ (0)