2015 йил Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига Қозоғистон раислик қилади. Мазкур мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг жума куни Минскда бўлиб ўтган МДҲ саммитида маълум қилишича, Қозоғистон ўз раислиги доирасида ташкилотни ривожлантиришга қаратилган янги концепция ишлаб чиқиш ишларини бошлашни мўлжалламоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Биз Ҳамдўстликнинг 25 йиллигига қадар ташкилотга раислик қиладиган вақтимизда МДҲ тараққиётининг янги концепцияси ишлаб чиқилиши керак деб ҳисоблаймиз», — деб қайд этди Қозоғистон раҳбари. Шу ўринда Назарбоев янги концепция «МДҲнинг барча давлатлари билан маслаҳатлашган ҳолда» ишлаб чиқилиши мўлжалланаётганини маълум қилди.
Нурсултон Назарбоевнинг таъкидлашича, Қозоғистон ўз раислиги давомида фаолиятини Ҳамдўстликка аъзо барча давлатлар билан мувофиқлаштириб амалга оширишни режалаштирган. Шунингдек, у Қозоғистон келаси йилнинг тўртинчи чорагида МДҲ саммитини ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)