Баҳрайнга қарши ўртоқлик учрашувидан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов баҳс ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
«Фарруҳ Сайфиевни илк бор чап қанот ҳимоясида ўйнатиб кўрдик, — дея гап бошлади Миржалол Қосимов. — Баъзи вазиятларда учта ҳимоячи бўлиб ўйнадик. Менимча Сайфиев яхши ҳаракат қилди. Бугун ўйинимиз ёмон чиққани йўқ, тўп назорати бизда бўлди. Лекин имкониятлардан фойдаланишда оқсаяпмиз. Ҳужум чизиғи мени хавотирга солмоқда».
Бош мураббий ўртоқлик ўйинларида учта ўйинда учта дарвозабонга имкон бериш орқали уларнинг ҳар бири текширилишини қайд этиб, Акбар Тўраев ҳам шу мақсадда майдонга туширилганини айтди.
Шунингдек, у ҳужум ҳақида фикр билдирар экан, якуний паллада яхши ҳаракат қила олинмаётганини таъкидлади.
Бевосита Баҳрайнга қарши учрашувга тўхталиб, мураббий ўртоқлик ўйини бўлгани учун ҳам бироз сустроқ ўйналганини қайд этди: «Бу руҳият билан боғлиқ. Бундай баҳсларда ҳеч ким 100 фоиз куч билан ўйнамайди».
Қосимовнинг айтишича, ўйинга об-ҳаво ҳам ўз таъсирини ўтказган. Иккинчи бўлимда асосий ўйинчиларга дам берилганининг асосий сабаби ҳам айнан об-ҳавонинг иссиқлиги бўлган. «Бундан ташқари, БАА билан ўйиндан олдин қолган ўйинчиларга ҳам имкон беришни кўзлагандим», — деди мураббий.
Ҳакамларга тўхталар экан, Миржалол Қосимов оддий вазиятларда ҳам Ўзбекистонга қарши қарорлар қабул қилинганини айтди. «Менимча терма жамоалар ўртасидаги ўйинларда юқорироқ савиядаги ҳакамлар ишлаши керак», — деб фикрига якун ясади бош мураббий.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Баҳрайн термасига қарши ўртоқлик учрашувини Дубай шаҳрида 10 октябрь куни ўтказди. Ўзбекистон вакилларида ғалабага чанқоқлик, иштиёқ деган нарсалар деярли кўзга ташланмаган мазкур ўйинда ҳисоб очилмади.
Изоҳ (0)