Тошкентдаги темирйўл божхона омборида 8 октябрга ўтар кечаси юз берган ёнғинни ўчириш вақтида ўт ўчириш хизмати ходими фожеали тарзда ҳалок бўлди. Gazeta.uz’га таяниб, «Кун»нинг хабар беришича, ҳалок бўлган Баҳром Эргашев 27 ёшда бўлган; ундан икки фарзанд қолди.
Ҳалок бўлган ўт ўчирувчининг қариндоши Эркин Ғоиповнинг Gazeta.uz’га маълум қилишича, оловни ўчириш вақтида Эргашевнинг устига бостирма тушиб кетган ва вайроналар остида қолиб кетган. Бошқа ўт ўчирувчиларда уни қутқариб қолиш имкони бўлмаган.
Баҳром Эргашевнинг дафн маросими ўша куниёқ — чоршанба куни бўлиб ўтган, дея маълум қилди Ғоипов.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида жойлашган «Тошкент юк тушириш ҳовлиси» ҳудудида 8 октябрга ўтар кечаси ёнғин содир бўлгани ҳақида аввалроқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берганди.
«Ўт ўчирувчилар гуруҳи томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, юк омборхонасида тез ёнувчи моддалар бўлган», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Қайд этишларича, ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Ёнғин натижасида жабрланувчилар борми-йўқми, ҳудудга қанчалик зарар етгани тўғрисида ахборот берилмаган эди.
Изоҳ (0)