Эртага, 10 октябрь куни Минскда Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар президентлари ташкилотнинг фаолиятига якун ясаш тўғрисида шартнома имзолайди. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди, деб хабар бермоқда «Сегодня».
«Евросиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕврАзЭС) Давлатлараро кенгашининг якуний йиғилиши ўтказилади. Унда ташкилотнинг беш аъзо-давлатлари президентлари қатнашади. Минскдаги учрашув сўнггиси бўлади. 2015 йил 1 январдан Евросиё иқтисодий иттифоқи ишга туширилиши муносабати билан ЕврАзЭС фаолияти тугатилмоқда», − деди Ушаков. Унинг сўзларига кўра, йил охиригача ташкилот котибияти фаолият кўрсатиб туради, 2015 йилдан бошлаб эса бутунлай тугатилади.
Евросиё иқтисодий ҳамжамияти 2000 йилда тузилган бўлиб, ҳозирда Белоруссия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон ташкилот аъзолари ҳисобланади (Ўзбекистон 2006 йилда ЕврАзЭСга кириб, 2008 йилда аъзолигини тўхтатган). Ташкилотга 2011 йилдан буён Россия Федерацияси раислик қилади.
Изоҳ (0)