Ўтган ҳафта сўнгида Марказий Японияда Онтакэ вулқонининг отилиши натижасида 50 киши ҳалок бўлгани шифокорлар томонидан тасдиқланди. Бу ҳақда шанба куни Японияда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазифасини бажарувчи маҳаллий ёнғин бошқармасида берилган маълумотга таяниб, «ТАСС» хабар қилмоқда.
Бир ҳафта аввал ҳаракатга келган вулқон ёнбағирларида қутқарув операциялари давом этаётган бўлиб, уларда мингга яқин Япония мудофаа кучлари ҳарбийлари, ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари қатнашмоқда.
Шанба куни қутқарувчилар яна тўрт кишининг жасадини топишга муваффақ бўлди. Табиий ҳодиса содир бўлган вақтда расман Онтакэ қияликларида бўлган кишилар рўйхатини текшириш асосида аниқланишича, 16 киши бедарак йўқолган. Қутқарув хизматлари вакиллари барча туристлар ҳам вулқон томон бориши ҳақида маҳаллий ҳокимиятга хабар бермаслиги боис йўқолганлар сони кескин ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Шунингдек, қутқарувчилар Онтакэ этагидаги автомобиль тўхташ жойида қолган 20 та автомобиль эгалари билан ҳозирга қадар боғлана олмади.
Эслатиб ўтамиз, Япония пойтахти Токиодан 200 километр ва йирик марказий шаҳар Нагоядан 100 километр шимоли-шарқда жойлашган Онтакэ вулқони 27 сентябрь, шанба куни тонгда отила бошлади.
Изоҳ (0)