Ўзбекистон БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш, кадрлар тайёрлаш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш, Буюк ипак йўлида сайёҳликни омма орасида тарғиб қилиш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжат Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг 2—3 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 99-сессияси доирасида имзоланди. Сессия «Буюк ипак йўли — халқаро сайёҳликни ривожлантиришнинг янги истиқболлари» мавзусига бағишланди.
Сессия иштирокчилари жаҳон сайёҳлик бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, соҳанинг янги йўналишлари, шунингдек, унинг ривожи билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Сессиянинг ялпи мажлисида Буюк ипак йўли — халқаро сайёҳликни ривожлантиришнинг янги истиқболлари, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш, минтақавий ривожланиш ва интеграцияни рағбатлантиришда сайёҳлик маршрутларининг роли, халқаро туризмнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари каби мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистонга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш бўйича чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашилиб, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва соҳага янги сармоялар жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Сессия иштирокчилари томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси қарорлари лойиҳаси тасдиқланди.
Изоҳ (0)