Гонконгда минглаб намойишчилар ҳукумат органлари қароргоҳлари жойлашган Адмиралти мавзесини блоклашда давом этмоқда. Гонконг ҳукумати эса уларнинг шартларини бажармоқчи эмас, деб хабар берди Euronews.
Ярим тунда намойиш етакчилари ҳукумат олдига қўйган ултиматумнинг муддати тугаган. Унга биноан, агар Гонконг маъмурияти раҳбари Лян Чженин истеъфога чиқмаса, намойишчилар ҳукумат биноларини эгаллашни бошлашлари керак эди. Полиция намойишчиларни бундай ҳаракатларнинг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.
Лян Чженин эса, ўз навбатида, истеъфога чиқмоқчи эмас. У телевидение орқали чиқиш қилиб, музокаралар учун ўз вакилини тайинлаганини маълум қилган ва намойишчиларни қонунга риоя қилишга чақирган.
Гонконг аҳолисининг ҳаммаси ҳам бу намойишларни қўллаб-қувватламаяпти. Пайшанба куни ҳукуматни қўллаб-қувватлаб 100 минг киши намойишга чиққан, улар «Биз ҳам демократлашувни истаймиз, лекин тинч йўл билан» мазмунидаги шиорларни кўтариб олган.
Изоҳ (0)