«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона ходимлари томонидан нақд хорижий валюталарнинг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта божхона қоидабузарликлари фош этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг ахборот хизмати.
Жумладан, Санкт-Петербургга парвози олдидан чустлик фуқаро божхоначилар сезмайди, деган ғаразли ўй билан йўл сумкасига 1800 АҚШ долларини яшириб қўяди. Аммо божхона кўриги давомида унинг бу режаси чиппакка чиқди.
Пойтахтлик аёлнинг ҳам божхоначилар кўзини шамғалат қилишга бўлган уриниши наф бермади. Оқибатда, Бокуга парвози олдидан ушбу йўловчи божхона баённомасида қайд этилмаган 1820 АҚШ доллари билан «хайрлашиши»га тўғри келди.
Олма-Отага йўл олган қибрайлик йўловчи ҳам божхона назоратидан ўтишдан аввал таваккалга қўл урди. Бироқ икки минг АҚШ долларини олиб ўтмоқчи бўлган ушбу фуқаро божхоначилар томонидан фош этилди. Айни шу шаҳарга йўл олган яна бир китоблик фуқаро эса уч минг АҚШ долларини «қўлдан бой берди».
Юртига қайтаётганида сўров вақтида ҳам, баённомада ҳам ортиқча пули йўқлигини таъкидлаган ҳиндистонлик йўловчи чўнтагидан 2350 АҚШ доллари топилди.
Яна бир вазиятда қувасойлик шахс Калининградга парвоз олдидан божхона назоратидан ўтди ва курткаси чўнтакларида яширин равишда олиб ўтишга уринган 2600 АҚШ долларидан айрилди.
Тошкент — Москва рейси парвози олдидан ўтказилган шахсий кўрик вақтида чирчиқлик фуқаронинг ҳам 2900 АҚШ долларини беркитган ҳолда олиб ўтишга урингани фош этилди. Айни шу рейс бўйича парвоз қилиши лозим бўлган пойтахтлик йўловчининг безовталаниши божхоначиларни беэътибор қолдирмади. Натижада, шахсий кўрик давомида мазкур шахс 3200 АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб чиқмоқчи бўлгани фош бўлди.
Ҳозирда юқорида келтирилган ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги, норезидентларга эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага келтирилган валюта миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.
Изоҳ (0)