АҚШ 2014 йил якунига бориб, Саудия Арабистонини кунлик нефть қазиб олиш ҳажми бўйича ортда қолдиради. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги таҳлилчилари хулосаларини келтирган Лондоннинг The Financial Times газетасига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ энг кўп нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатга айланмоқда. Июнь ва август ойларида АҚШ ҳамда Саудия Арабистонининг ҳар бири 11,5 миллион баррель нефть ва унга ҳамроҳлик қилувчи суюқ газлар қазиб олиб, бир хил натижа кўрсатган. АҚШда нефть қазиб олишнинг ўсиб бориши жорий ёки келгуси ойда АҚШ Саудия Арабистонини нефть ишлаб чиқариш бўйича ортда қолдиради, деган тахмин учун асос бўлмоқда. Бу ҳолат 1991 йилдан бери кузатилмаган эди, дейилади ахборотда.
АҚШ сентябрь ойида суткасига 2005 йилга нисбатан беш миллион баррелга кўп — 8,87 миллион баррель нефть қазиб олди. Газетада қайд этилишича, жорий йилнинг сўнгига келиб, нефть қазиб олишнинг суткалик миқдори тўққиз миллион баррелга етади.
АҚШда мазкур соҳанинг кенгайиши бутун дунё бўйича ўз оқибатларини намоён қилади. Жумладан, АҚШ 2005 йилда нефтни импорт қилиш эвазига ўз иқтисодиётининг 60 фоиз эҳтиёжларини қондирган бўлса, 2015 йилда мазкур кўрсаткич бор-йўғи 21 фоизни ташкил этади.
Изоҳ (0)