БМТ Бош Ассамблеяси 69-сессияси умумсиёсий муҳокамалари доирасида чиқиш қилган Корея Халқ Демократик Республикаси ташқи ишлар вазири Ли Су Ён бир давлатда икки сиёсий тузумнинг биргаликда ҳукм суриши имконини берадиган конфедереция формуласи асосида иккала Кореяни бирлаштиришни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Korrespondent.net.
«КХДР қайта бирлашиш турли сиёсий тизимларнинг қарама-қаршилиги орқали эмас, балки мамлакатда икки тизимнинг биргаликда мавжуд бўлишини кўзда тутадиган конфедерация йўли орқали бўлиши лозимлигини илгари суради. Бу урушнинг олдини оладиган ва тинчликни кафолатлайдиган ягона йўлдир», − деди Бош Ассамблея минбаридан илк маротаба нутқ сўзлаган Ли Су Ён.
Шунингдек, вазир Шимолий Корея ядро муаммосини мамлакат суверенитетига таҳдид йўқолган тақдирдагина ечиш мумкинлигини, бунинг учун АҚШ томонидан душманлик сиёсатининг тугатилиши тақозо этилишини маълум қилган. Ли Су Ённинг таъкидлашича, айнан АҚШ томонидан ярим асрдан кўпроқ вақт давомида олиб борилаётган «бўғиш сиёсати» КХДРни ядро давлатига айланишга мажбур қилган.
Шундан сўнг КХДР вакили аввал Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашган. Бош котиб Ли Су Ённинг ташрифини «КХДРнинг БМТ кун тартибига мойиллиги белгиси» сифатида баҳолаган ва Корея ярим оролидаги муаммоларнинг тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирган.
КХДР вакиллари бундан олдин БМТ Бош Ассамблеяси умумсиёсий муҳокамаларида 1999 йилда чиқиш қилган эди.
Изоҳ (0)